Туман Кенгаши котибияти

Халқ депутатлари туман кенгашининг2020 йил 24 июлдаги 63-сонли қарорига

1-илова

Халк депутатлари Оқдарё тумани Кенгаши котибияти тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1.   Мазкур Низом ҳудуддаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг мавжуд муаммоларни ҳал этишдаги ролини ошириш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ”Махаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, халк депутатлари Оқдарё туман Кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) котибиятининг функционал вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

  1. Кенгаш котибияти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарор ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, Кенгаш ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
  2. Кенгаш котибияти давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади ҳамда Оқдарё тумани маҳаллий бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
  3. Кенгаш котибияти Ўзбекистон Республикаси герби тасвири тасвирланган муҳр, штамп ва бланкага эга бўлади.
  4. Кенгаш котибияти 3 нафар ходим (1 нафар депутат ва 1 нафар бош мутахассис, 1 нафар етакчи мутахассис)дан иборат бўлади ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади.
  5. Кенгаш депутатлари орасидан Кенгаш котибияти мудири сайланади ва у Кенгаш котибиятига раҳбарлик қилади.
  6. Кенгаш котибиятининг моддий-техник таъминоти Оқдарё тумани ҳокимлиги томонидан амалга оширилади.
  7. Кенгаш котибияти ўз фаолиятини Кенгаш раиси раҳбарлигида амалга оширади.

II. Кенгаш котибиятининг функционал вазифалари

  1. Қуйидагилар Кенгаш котибиятининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Кенгаш фаолиятини Кенгаш раиси билан ҳамкорликда ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий таъминлайди;

Кенгашда ўтказилиши белгиланган тадбирлар режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, Кенгаш раисининг топшириғига биноан ва Кенгаш доимий комиссияларининг таклифлари асосида сессия кун тартиби лойиҳасини шакллантиради, ушбу ҳужжатларни Кенгаш раисига кўриб чиқиш учун киритади;

Кенгашга келиб тушадиган ва Кенгашдан жўнатиладиган хат-ҳужжатларнинг ҳисобини юритади;

Келиб тушган ҳужжатлар асосида таҳлилий ва ахборот-маълумотномалар ҳамда бошқа материалларни тайёрлайди;

Кенгаш раиси ва Кенгаш депутатлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади, мурожаатларнинг ҳисобини юритади ва уларнинг ижросини назорат қилади;

Кенгаш раиси топшириқлари ижроси бажарилиши устидан назорат олиб боради;

Кенгаш фаолиятига оид тадбирлар тўғрисидаги хабарлар тезкор тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Кенгашнинг расмий веб-саҳифасида ёритилишини ташкил этади;

Кенгаш ва Кенгаш доимий комиссиялари муҳокамасига киритиладиган масалалар юзасидан материаллар ва таклифлар тайёрланишига кўмаклашади;

Кенгаш раиси топширигиға биноан Кенгаш ваколатига тааллуқли ҳуқуқий масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;

Кенгаш ва Кенгаш доимий комиссиялари қарорлари лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига, шунингдек юридик техник талабларга мувофиқлигини дастлабки тарзда кўриб чиқади, мазкур ҳужжатларнинг сифатини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлайди, норматив ҳуқуқий тусга эга қарорларнинг Кенгаш муҳокамасига киритилишидан олдин Оқдарё туман Адлия бўлимида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш доимий комиссияларига назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш бўйича ташкилий, услубий, ахборот ва маслаҳат йўсинидаги хизмат кўрсатилишини таъминлайди;

Кенгаш доимий комиссиялари томонидан семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилиши ҳамда ўтказилишига кўмаклашади, оммавий ахборот воситалари иштирокини таъминлайди;

Кенгаш сессиялари ишига ва Кенгаш депутатларига ташкилий ва ахборот йўсинидаги хизмат кўрсатилишини, Кенгаш сессиялари материаллари лойиҳаларининг Кенгаш депутатларига етказилишини таъминлайди;

Кенгаш депутатларига ўз ваколатларини амалга оширишларида кўмаклашади ҳамда уларни тегишли ҳуқуқий-ахборот материаллари билан таъминлайди;

Кенгашга юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан олиб бориладиган ишларни ташкиллаштиради, мурожаатлар ҳисобини юритади ва рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди, шунингдек уларни тегишли давлат органларига ва бошқа идораларга юборади, мазкур мурожаатларнинг кўриб чиқилишини назоратга олади;

Кенгаш раисининг топшириқларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

III. Кенгаш котибияти тузилмаси

  1. Кенгаш котибияти бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 3 нафардан иборат — Кенгаш депутатлари орасидан сайланган котибият мудири ва 1 та бош мутахассис, 1 та етакчи мутахассис.
  2. Кенгаш котибияти ўз фаолиятида Кенгашга бўйсунади, Кенгаш котибияти бошқарув ходимлари Кенгаш қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, тегишли қарор Кенгаш сессиясида тасдиқланади.

IV. Кенгаш котибияти фаолиятини ташкил этиш

  1. Кенгаш котибияти ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар қўмиталари, комиссияларининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарор ва фармойишларига, ҳамда Кенгаш ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

V. Кенгаш котибияти мудири

  1. Кенгаш котибияти мудири:

Кенгаш котибиятига бевосита раҳбарлик қилади, Кенгаш котибияти мутахассисларининг ишларини ташкил этади ҳамда мазкур Низомда белгиланган хизмат вазифаларининг бажарилиши юзасидан шахсан жавоб беради;

Киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади, уларнинг якуний тарзда ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди;

Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

Тасдиқланган тузилмага ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, мутахассисларнинг касбий даражасини ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва уларга жазо чоралари кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

Кенгаш котибияти мутахассислари ўртасида вазифалар тақсимотини, шунингдек Кенгаш котибияти иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлашга киритади;

Кенгаш раиси томонидан ўтказиладиган йиғилишлар, Кенгаш доимий комиссиялари мажлислари, шунингдек Кенгаш котибиятининг иш юритиш соҳасига доир масалалар юзасидан ўтказиладиган бошқа тадбирларни ташкиллаштиради ва уларда иштирок этади;

Иш юритишни белгиланган тартибда олиб боришни таъминлайди, чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.

VI. Кенгаш котибияти бош ва етакчи мутахассислари

14. Кенгаш котибияти бош мутахассиси:

бевосита Кенгаш котибияти мудири раҳбарлигида иш олиб боради;

функционал вазифаларга мувофиқ таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилиши, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, шунингдек топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил этади, улар бўйича таҳлилий материалларни ва эксперт таклифларини тайёрлайди, шунингдек уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойихалари тўғрисида Кенгаш котибияти мудирига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;

Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва уларнинг қўмиталари, комиссиялари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек Кенгаш қарорларининг бажарилишини таҳлил қилади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилиши ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгиланишини ташкил этади;

Кенгаш сессияларида, Кенгаш томонидан ўтказиладиган мажлисларда, ўзига бириктирилган масалалар бўйича Кенгаш доимий комиссиялари мажлисларида белгиланган тартибда иштирок этади;

Сиёсий партиялар депутатлик гурухлари томонидан Кенгаш сессияларига киритиладиган масалаларни Кенгаш котибияти мудирига киритиб боради;

Кенгаш доимий комиссиялари йиғилишларини ташкиллаштиради;

Мазкур Низомга ва хизмат вазифаларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

VII. Якунловчи қоидалар

  1. Кенгаш котибияти Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси билан ҳамкорлигини ташкилий ва услубий, ахборот таҳлилий жиҳатдан таъминлаш учун мазкур комиссиянинг Кенгаш хузуридаги ишчи гуруҳига бевосита ёрдам кўрсатади.
  2. Мазкур Низомни тасдиқлаш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарорлар Кенгаш сессиясида Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
  3. Ушбу Низом қоидаларини бузиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
2015-2020 © Оқдарё туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM