ТИЛ - МИЛЛАТ МАЪНАВИЯТИНИНГ МУҚАДДАС КЎЗГУСИДИР!

ТИЛ - МИЛЛАТ МАЪНАВИЯТИНИНГ МУҚАДДАС КЎЗГУСИДИР!

 

        Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз она тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар, аввало миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.                                                          

        1989 йил 21 октябрь. Бу қутлуғ кун Ўзбекистон тарихига, ўзбек миллати йилномасига зарҳал  ҳарфлар билан битилди, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Бу қонун авлодларимиз асрлар бўйи орзу қилган, аммо орзулари саробга айланиб қолган даврларда момақалдироқдек гулдираб, чақмоқдек чақнаб, юзага келди. У мустақиллигимиз сари қўйилган энг дадил қадам эди. Бу қонуннинг қабул қилиниши осон кечмаган. Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди-десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши xалқимиз руҳини кўтарди.Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўсини оширди.  Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”  яратилди.

         Тил инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, англаш, билиш, сўзлаш, алоқа-муносабат воситаси бўлгани боис ҳамиша жамият равнақининг асосий мезонларидан бири бўлиб келган. Жумладан, ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Бугунги кунга қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилиб келмоқда.  Чунки тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демакдир. Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги, айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади.

         Шу ўринда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин» деган сўзларидан шуни англаб етишимиз керакки, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзаги, у халқ тараққиёти ва келажагини белгилайдиган, бирлаштирадиган, тарбиялайдиган, ўқитадиган, урф-одат, аньаналарини сақлайдиган асосий восита эканлигини ҳар биримиз чуқур англаб,она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак. Бу бизнинг келажак олдидаги вазифамиз ва бурчимиздир. Чунки тилсиз ҳеч бир миллат тўлақонли халқ бўла олмайди. Усиз Ватаннинг эрки йўқ. Давлатимиз раҳбарининг эътибори, бу қутлуғ санани энг юксак даражада нишонлаш бўйича берган кўрсатмалари ўзбек тилининг нуфузини, унинг аҳамиятини янада оширади, деб ўйлаймиз. Ҳаммамизга миллатимизнинг қутлуғ ўзбек тили байрами муборак бўлсин!

 

Бахтигул Асророва,

Оқдарё туман мактабгача таълим бўлими мудири

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM