Халқ – давлат ҳокимияти манбаи

Халқ – давлат ҳокимияти манбаи

 

  Шавкат Мирзиёев: «Ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан доимо олдинга қараб боради».

Давлат сиёсий етуклиги ва мамлакат ижтимоий барқарорлигини ўзаро бирлаштирадиган мезонлар бор. Улар кўп эмас. Шулар орасида энг асосийси жамиятда қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш бўлса, иккинчиси, ҳокимият ва халқ ўртасидаги шаффоф ҳамда узлуксиз мулоқотни йўлга қўйишдир. Бу нафақат демократия, балки кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир. Мазкур устувор вазифалар ижросининг олий ҳуқуқий асоси эса, шубҳасиз, Конституция ҳисобланади. У шу йилларда замонавий тараққиётимиз, танлаган инновацион йўлимиз ва албатта, прогрессив ҳамда халқчил ислоҳотларнинг том маънодаги Бош қомуси, ёрқин истиқбол сари етаклаётган энг олдинги маёқ янглиғ намоён бўляпти. Яъни инсонга бахтли бўлиш ҳуқуқини берадиган «олтин чипта»га айланди.

Охирги йилларда Ўзбекистонда рўй бераётган туб ўзгаришлар айнан мана шундай ёндашув шарофатидан бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Зеро, бундан кўзланган бош мақсад одамларни рози қилиш, улар эртага эмас, айнан бугун яхши яшашлари учун барча шароитни яратиб беришдир. Булар ҳисоботларни тўлдириш, маърузаларга безак бериш учун эмас, айнан ҳар бир фуқаро турмушига файз, ободлик ва сифат олиб кириш учун қилинаётганини ҳамюртларимиз ўз ҳаётларида ҳис қилишяпти.

Дарҳақиқат, ҳар қандай демократик ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ҳамда тараққиётимизнинг асосий гарови ҳам айнан шу омил билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли ҳам барча бўғиндаги кадрлар, у хоҳ вазир, ҳоким ёки оддий фуқаро бўлсин, Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши ҳамда биринчи навбатда, бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳит яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, «Конституция ва қонун устуворлиги-фаровон ҳаёт гарови» деган тушунча одамлар онгу шууридан чуқур ўрин эгаллаши ва ижтимоий эҳтиёжга айланиши йўлида меҳнат қилинмоқда. Зеро, машҳур инглиз файласуфи, социологи ҳамда ҳуқуқшуноси Иеремия Бентам айтганидек, халқ ўрганиб қолган конституция энг яхшисидир.

Энг аввало, қонунларнинг ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонунбузарликларнинг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга, бундай ҳолатларни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш чоралари кўрилаётир. Шу мақсадда қонунлар, Президент Фармон ва қарорлари қабул қилинмоқда. Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад битта, у ҳам бўлса, халқимиз фаровонлигини таъминлаш.

Дарҳақиқат, одамларимиз энди кечаги одамлар эмас, улар ўз
ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, муҳокамаларда эса қандай фикр ёки таклифни илгари суришни ўзлаштирмоқда.

Айтиш жоизки, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашда, албатта, жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс. Шу сабабли ҳам юртимизда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда

«Жамоатчилик назорати» дегани фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назоратгина эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлгани боис ҳам уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ҳамда транспорт соҳаларида ҳам йўлга қўйиш айни зарурат.

Хусусан, охирги тўрт йилда амалга оширилган сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар туфайли жамият ҳаётида туб бурилиш юз берди. Бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга, интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришдан ташқари, жойлардаги хато ва камчиликларни рўйирост кўрсатиб, уларни ўз вақтида бартараф этишга кўмак бермоқда.

Аммо бу борада ҳам қилинадиган ишлар кўп. Масалан, давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ҳамда ошкоралик тамойилини кучайтириш мақсадида фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашимиз талаб этилади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва биз эришаётган ютуқларимизда, албатта, мустақил Ўзбекистонимиз Конституцияси ҳуқуқий асос бўлмоқда. Хусусан, Бош қомусимизнинг 7-моддасида: «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир», деб белгиланган бўлиб, бугун бу манба тўла ишга туширилди.

 

Ч.Ортиқова,

Халқ депутатлари Оқдарё туман

 Кенгаши котибияти мудири                                 

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM