Aлкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини бериш тартиби

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР БИЛАН ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШНИ ЯНАДА ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

 

Республика аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш, истеъмол бозорига сифатсиз, сертификатланмаган алкоголли маҳсулотлар кириб келиши ва сотилишига йўл қўймаслик, савдо ташкилотлари томонидан алкоголли маҳсулотларни чакана сотишнинг белгиланган талабларига сўзсиз риоя қилиниши устидан назорат қилишни кучайтириш мақсадида:

1. 2007 йил 1 майдан бошлаб алкоголли маҳсулотлар юридик шахслар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномалари асосида фақат назорат-касса машиналари билан жиҳозланган ихтисослаштирилган дўконлар, алоҳида савдо заллари (секциялар) орқали сотилиши тартиби белгилансин.

2. Қуйидагилар:

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки, мазкур қарорда тасдиқланган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари бузилганлиги учун юридик шахсларга алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан марҳум этилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солинади ҳамда айбдор ходимлар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси соҳасида ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларга риоя қилиш устидан назоратни кучайтирсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш бўйича махсус комиссиялар:

2007 йил 1 майгача мазкур қарорда белгиланган талабларга ва алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган юридик шахсларга фаолиятнинг ушбу турини амалга оширишга рухсат гувоҳномалари берилишини таъминласинлар;

савдо қилувчи корхоналар ушбу қарор билан белгиланган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига сўзсиз риоя қилиши устидан қатъий тизимли назорат ўрнатсинлар.

5. «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси 2007 йилнинг 15 апрелигача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг талабномаларига кўра алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишга белгиланган шаклдаги рухсат гувоҳномалари тегишли даражада ҳимояланган махсус бланкаларда зарур миқдорда тайёрланишини таъминласин.

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномалари қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар деб белгилансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

2015-2019 © Оқдарё туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM