ОҚДАРЁ ТУМАНИ ҲОКИМИ ШЕРЗОД ҚУДРАТОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

ОҚДАРЁ ТУМАНИ ҲОКИМИ ШЕРЗОД ҚУДРАТОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

 

Ассалому алайкум, азиз Оқдарёликлар!

Ҳурматли тумандошлар!

 

Бугун юртимизда улуғ байрам, жонажон Ватанимиз Мустақиллигининг 31 йиллик байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдамиз.

Шу муносабат билан Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз, юртимиз аҳлини ушбу қутлуғ байрам билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг самимий ва энг эзгу тилакларимни билдираман.

Азиз тумандошлар!

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўтаётган 30 йили давлатимиз ва халқимиз ҳаётида кенг кўламли ислоҳотлар, улкан янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилган давр сифатида тарих зарварақларидан жой олди. Мустақиллик ва тинчлик деган энг улуғ неъмат халқимизга озод ҳаётни бериш билан қадр-қимматимизни тиклади, тилимиз, муқаддас динимиз ва урф-одатларимизни қайтариб берди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарордаги “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган кенг маъноли шиор остида ўтказилаётган тадбирларда меҳнаткаш халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида Ватанга бўлган муҳаббат туйғуларини камол топтириш, тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Азиз Оқдарёликлар!

Юртимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди. Бугун юртимизда, тарихан қисқа фурсат ичида бутунлай янгича сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит пайдо бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Президентимиз раҳнамоликларида ҳар бир соҳада том маънодаги янгиланишлар ва ўзгаришлар рўй бермоқда. Ижтимоий ҳаётимизнинг барча бўғинларида моҳиятан чуқур маъноли ислоҳотларга гувоҳ бўлмоқдамиз.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича — ҳоким ёрдамчилари лавозимлари ҳамда ёшлар етакчилар лавозими жорий қилинганлиги, шу билан бир қаторда “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”лари ташкил этилганлиги янги Ўзбекистонда инсон қадри учун хизмат қилмоқда.

Туманимиздаги маҳаллалар ички имкониятларини, тадбиркорлик бўйича ихтисослашуви ва меҳнат ресурсларини, уларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларни аниқлаш ва ҳар бир хонадонга индивидуал ёндошиб, хонадонни тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида хатлов ўтказилди.

Хатлов натижаларига кўра, хонадонлар сони 32 минг 814 тани ташкил этиб, шундан, 32 минг 50 та хонадонлар ҳовли жойларда, 764 та хонадонлар кўп қаватли уйларда истиқомат қилиб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, туманда оилалар сони 38 мингтани, аҳоли сони 166 минг 100 нафарни, доимий даромадга эга фуқаролар сони 52, 8 минг нафарни  меҳнатга яроқли ишсизлар 7124 нафарни ва хорижга ишлаш учун кетган мигрантлар сони 7960 нафарни ташкил этиши маълум бўлди.

Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига назар ташлайдиган бўлсак туман маркази ҳамда қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, инфратузилма объектлари ҳолатини яхшилаш борасида бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, туманда бугунги кунгача 110,0 км тупроқ кўчаларга тош кўчага айлантирилди ва 35,0 км ички йўлларга асфальт ётқизилди.

Жорий йилнинг 1 октябрига қадар тумандаги мавжуд 165,7 км тупроқ (лой) кўчаларни шағаллаштириш якунланиб, жорий йилда тупроқ кўчалар туманда тугатилади.

67,5 км узунликда электр узатиш тармоқлари, 1350 та таянч устунлари ва 16 дона трансформатор пунктларида янгилаш, модернизация ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Натижада туманинг 4600 дан ортиқ хонадонларда электр таъминоти яхшиланади.

Жорий йил давомида 23 715 та хонадонларга 4,6 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади ҳамда 982 дона маиший газ баллонлари тарқатилади.

Туман аҳолисининг ичимлик суви билан таъминлаш даражасини яхшилаш мақсадида жорий йилда жами 12,3 млрд. сўм маблағ ҳисобига 20,0 км ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 2,2 км оқова сув тармоғини тортиш ишлари амалга оширилади. Натижада, марказлашган сув билан таъминланиш даражаси 40,2 фоизга оширилади.

Мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олар эканмиз, ўтган давр мобайнида туманимиз қиёфаси тобора очилиб, гўзал бўлиб бораётганини, шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, илм-маърифат ва бошқа кўплаб соҳалардаги эришаётган салмоқли ютуқларимизни алоҳида эътироф этишимиз керак.

Азиз тумандошлар!

Айтиш жоизки, бу йилги мустақиллик байрамини ҳам барча соҳаларда улкан ютуқларга эришган ҳолда ёруғ юз билан қарши олмоқдамиз. Эришилган ижобий натижалар ортида, албатта, меҳнаткаш халқимизнинг ҳалол ва самарали хизматлари натижаси турибди десак муболаға бўлмайди.

Гарчи, бу йилги Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллиги байрами юртимизда ҳар йилгидан кўра байрамона шукуҳда, кўтаринки руҳда ўтказилмоқда, ушбу қутлуғ байрам туманимиздаги ҳар бир оила даврасида катта хурсандчилик билан нишонланади.

Азиз Оқдарёликлар!

Барчангизни яна бир бор чин қалбимдан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги байрами билан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файз-у барака ва фаровонлик тилайман. Мустақил Ватанимизнинг тинчлиги, гуллаб-яшнаши ва равнақи йўлида олиб бораётган ишларингизда зафарлар ёр бўлсин!

Мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз абадий бўлсин!

Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин, азиз Оқдарёликлар!

 

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

 

 

 

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM