Нон нархи нега ошди?

 

Нон нархи нега ошди?

 

       Ўзбекистонда жорий йилнинг 15 октябридан ун нархининг давлат томонидан белгиланишига чек қўйилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 866-сонли қарорида ўз аксини топди.

       Бизда 1 тонна ун ишлаб чиқариш учун 1 тонна 333 кг буғдой сарфланади. Чиқиш 75 фоизни ташкил этади. Агарда жорий нархлар бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилса, у ҳолда 1 тонна ун ишлаб чиқариш учун 1,9 млн сўмлик буғдой сарфланади, ун эса бизда 1,4 млн сўмдан сотилмоқда. Яъни 1 кг ун учун зарар миқдори 500 сўмни ташкил этмоқда.

       Бугунги кунда 1 килограмм 1 навли ун Қозоғистонда - 2 900 сўм, Қирғизистонда – 3 900 сўм ва Тожикистонда - 4 300 сўмгача сотилмоқда. Шунингдек, қўшни мамлакатларда қолипли ноннинг донаси 2 200 сўмдан 4 700 сўмгача сотилмоқда.

        Қарор билан ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ун ишлаб чиқаришга бериладиган бир тонна буғдойнинг улгуржи нархи 1 млн. 300 минг сўм миқдорида белгиланди. Яъни, буғдойнинг ўртача харид нархи 1 млн. 420 минг сўмлигини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир тонна буғдойнинг нархидан 120 минг сўми давлат томонидан қоплаб бериладиган бўлди.

     Жорий йилда 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилган;

    I нав уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш натижасида ун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўм зарар кўрмоқда.

      Шунга кўра, 2019 йил 15 октябрдан қуйидаги тартиб ўрнатилди:

— «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади;

— давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинадиган ун барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади;

     Аҳолининг кам аъминланган қатламлари нима қилади?

      2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси кўпайтирилди.

      Жумладан, қарор билан ёшга доир пенсия, ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчиларга ҳамда икки ёшгача бўлган бола парвариши учун тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 22,3 минг сўмдан 50 минг сўмга оширилди.

     Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, пул компенсацияси олувчиларининг амалдаги 9 тоифасига қўшимча равишда 14 ёшгача бўлган болалари учун тайинланган нафақа олувчи оилалар ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчилар киритилиб, уларга ҳам 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 50 минг сўм миқдoрида ҳар oйлик пул компенсацияси бериш жорий этилди.

      Мазкур қарор билан компенсация тўловлари миқдори жорий йил 1 октябридан оширилиши муносабати билан юқоридаги пул конпенсацияси олувчи тоифадагиларга  пул компенсациялари миқдори октябрь ойи учун Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида автоматик тарзда қайта ҳисобланади ҳамда оширилган миқдорлар фарқи бўйича пул компенсацияси қўшимча тўлов ведомостлари тузилган ҳолда тижорат банклари ва Халқ банки филиаллари томонидан октябрь ойида тўлаб берилади.

      Яъни, октябрь ойи учун 22 300 сўм тўлов ведомостларига киритилган бўлса, жорий ой учун қўшимча равишда 27 700 сўм, жами 50 000 сўм (22 300+27 700=50 000) тўланади. Шунингдек, ноябрь ойидан бошлаб, ҳар ойда 50 000 сўмдан компенсация тўловлари амалга оширилиб борилади.

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM