Оммавий ахборот воситалари

                                                                                                          “ОҚДАРЁ ОВОЗИ” ГАЗЕТАСИ

          Газета илк бор 1931 йилнинг июнь ойида “Пахта зарбдори” номи билан чиқа бошлаган. Газетанинг илк муҳаррири Муҳаммадиев бўлиб, у дастлаб А3 форматда 900 нусхада Самарқанд шаҳрида чоп этилган. 1938-1939 йилларда газетага М. Ҳамроқулов, М. Муқимов, Х. Алиев, Сафаров, Х. Қўйсиновлар муҳаррир ва масъул муҳаррирлар бўлишган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида соҳа кадрларининг йўқлиги туфайли мунтазам нашр этилмаган.

        1954 йилнинг июль ойидан бошлаб “Коммунизм учун” номи остида чиқа бошлаган. Адади 2000 нусхани ташкил этган газетага 1962 йилгача С. Хўжаев, Б. Матлубовлар муҳаррирлик қилишган.

      1962 йилнинг бошларида вилоятда туманлараро ҳудудий ҳамда колхоз-совхоз ишлаб чиқариш бошқармалари ташкил этилиб, Оқдарё, Самарқанд ва Ургут туманлари Самарқанд бошқармасига қўшилгач, “Коммунизм учун” газетасининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилади. Таҳририят ходимларининг фаоллиги билан газета 1962 йил 10 июлдан “Шарқ тонги” номи билан чиқа бошлайди. 1962 йил 25 декабрда Иштихон ва Оқдарё туманлари қўшилганлиги муносабати билан “Колхоз ҳаёти” газетаси ташкил этилиб, унга Н. Бегимов муҳаррирлик қилган.

1968 йилнинг 25-декабрида Оқдарё тумани қайтадан ташкил этилгач, 1969 йил 25 июндан “Ленинизм йўлидан” газетаси чиқа бошлади. Муҳаррир Мамараҳим Мардиев бўлиб, жамоа унинг бошчилигида катта ютуқларга эришди. 1976-1980 йилларда муҳаррирлик Қудратилла Мизомов зиммасига юклатилди. Газетага 1980-1986 йилларда Ниёзхон Алиев, 1986-1991 йилларда истеъдодли журналист Илаш Суяровлар муҳаррирлик қилишган.

        1991 йилнинг 21 октябридан буён газета муҳаррирлигини Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси аъзоси Йўлчи Муҳаммадиев бажариб келмоқда.

     Таҳририятда доимий равишда “Навниҳол” ёш ижодкорлар тўгараги фаолият юритиб келмоқда. Газета ўз даври дамида бир қанча танловларда иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олган. Жумладан, 2016 йилда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ташкил қилинган грантлар танловида ғолиб бўлиб, грант маблағлари асосида “Маҳорат мактаби” ёш журналистлар тўгараги ташкил этди.

        Газета 2015 йилдан буён А2 форматда, рангли кўринишда, ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари чоп этилиб келмоқда.

             

               Таҳририят манзили: А. Темур кўчаси, 31 уй.

               Телефон: +99866 492 61 88

               Сайт: www.oqdaryoovozi.uz