Карантинда тикилган кашталар

“Уйдаги юлдузлар” Республика кўрик-танловига

    Карантинда тикилган кашталар

       Мен карантин кунларида онлайн мактаб таълим дарсларини  ўзлаштириш билан бир қаторда бўш вақтларимда миллий ҳунармандчилигимизнинг бебаҳо намунаси бўлган каштачилик санъатини ўрганишни истадим. Шу мақсадда  яқинда маҳалламизда иш бошлаган Халқаро “Олтин мерос”  хайрия жамоат фонди Оқдарё туман бўлими қошидаги “Кашталарда ҳаёт жилоси” лойиҳаси асосида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик ўқув ишлаб-чиқариш марказига аъзо бўлдим. Ҳозирча, барча тенгдошларим  қатори  уйда қолиб, каштачилик санъатининг тарихи, момоларимиз тиккан кашталар ва уларнинг тажрибалари, касб маҳоратларини  бувимдан, онам ва аммаларимдан  астойдил ўрганяпман.

    Дарҳақиқат,  қадим замонлардан бошлаб бугунга қадар инсон ҳаётининг  жилоси кашталарда акс этган. “Ўқув марказимизнинг мақсади –  ватанимиз, аждодларимиз, ота-боболаримизнинг  ҳаёти акс этган  ўзбек халқ достонларидаги қаҳрамонлар, манзаралар, нақшлар, иллюстрациялар, миниатюраларни матоларга ўтказиб, миллий ва замонавий янги  каштачилик санъатининг намуналарини яратиш ҳамда  ушбу ҳунарни ёшларга, тенгдошларимизга  ўргатиш орқали уйларимиз, хонадонларимизни миллий каштачилик дизайни асосида безаш, жиҳозлашдир. Дастлабки ишимизни бобомиз ҳазрат А.Навоийнинг “Хамса”сидаги достон қаҳрамонларининг номларини, асарга  ишланган нақшларнинг нусхаларини кашталарда, тўшак жилдлари ва  болишларда акс эттиришдан бошладик.

     Карантин мавзусида ҳам кашта тикмоқчимиз. Кашта тикиш – завқли ижод! Истасангиз +998 91 535 20 06  тел. рақамига мурожаат қилинг ва сиз ҳам “ОҚДАРЁ КАШТАЛАРИ” телеграм каналимизга аъзо бўлинг. Вақтинча  кашта тикиш сирларини масофадан ўрганамиз. Карантиндан сўнг, албатта, ўқув марказимизда кўп сонли қизлар билан қизиқарли  машғулотларимизни бошлаймиз.

       Кашта – қимматбаҳо совға, эсдалик буюм ҳамда келажак авлодларимизга меросдир. Кашталар жилосидан баҳраманд бўлинг ва сиз ҳам оналарингиз, момоларингиз тиккан кашталарни асраб-авайлаб, уйингизнинг  тўрига жойланг, сиз ҳам  кашта тикинг, зерикмайсиз, маҳоратингиз мевасидан яйраб кетасиз. Кўришгунча хайр, ҳозирча, УЙДА ҚОЛИНГ!   

 

      Фотима Узоқбоева, 45-сон умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM