Оқдарё туман ҳокими Нажмиддин Сулаймоновнинг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам ТАБРИГИ

    Ассалому алайкум қадрли ва муҳтарам устозлар!

   Устоз! Муаллим! Мураббий! Бу сўзлар нақадар пурмаъно ва сермазмундир. Бу сўзларни эшитганда қалблар жунбушга келиб, кўнгиллар ёришиб кетади. Зеро, эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб келмоқда. Ҳеч биримиз биринчи бўлиб ўқиш-ёзишни ўргатган устозимизни ёдимиздан чиқармаганмиз, десам, ўйлайманки, муболаға бўлмайди.

    Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” - деган. Демак, устозларнинг зиммасида жуда ҳам буюк масъулиятли вазифа юкланган. Бу ҳам бўлса, келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар инсонларни тарбиялаб чиқариш вазифаси.

   Муҳтарам устозлар! Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясидек шарафли ишга бағишлаган барча тумандошларимизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.

    Ҳақиқатан ҳам, биз ўзимиздаги жамики яхши фазилатлар, ҳаётда эришаётган барча ютуқларимиз учун сиз, азизлардан умрбод қарздормиз. 

     Ушбу қутлуғ айёмда сизларнинг шаънингизга энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, барчамизнинг камол топишимиз, жамиятда муносиб ўрин эгаллашимизда бор билим ва тажрибасини, қалб ҳароратини бахш этиб келаётган меҳридарё устозларимизга чин юракдан миннатдорлик билдирамиз. Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси таълим-тарбия жараёнларининг сифати ва даражасини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш, заҳматкаш устозларимиз, мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган барча фидойи инсонлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир.

Азиз ва муҳтарам устозлар!

Барчангизни бугунги умумхалқ байрами билан яна бир бор самимий табриклайман. Олижаноб ва масъулиятли фаолиятингизда куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга  бахту саодат, файзу барака тилайман.

 

    Нажмиддин Сулаймонов,

   Оқдарё тумани ҳокими

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM