Оқдарёда замонавий стандартлар асосида янги кўприк қурилмоқда

Оқдарёда замонавий стандартлар асосида янги кўприк қурилмоқда

 

Жорий йил 16 февраль куни “Kun.uz” сайтида “Оқдарёдаги кўприк президент буйруғидан сўнг ҳам қайта тикланмади. Топшириқ кимларга берилган эди?” сарлавҳаси остида  Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган йиғилиш баёнининг 25-қисмида “Оқдарё ва Пайариқ туманларини боғловчи “Човка” қишлоғидаги “Оқдарё” дарёси устидан ўтувчи сел оқибатида авария ҳолатига келиб қолган кўприкни қайта тиклаш” белгиланган бўлсада, ҳамон ижроси таъминланмагани, кўприк носозлигича қолиб аҳоли қийналаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди.

Айни кунларда вилоят Кўприк Қурилиши Унитар Корхонаси томонидан дастур доирасида Човка қишлоғидаги “Оқдарё” дарёси устида кўприк қурилиши ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда қўшни Пайариқ ҳамда Оқдарё туманларининг аҳолиси, айниқса, "Олмазор" ҳамда "Ўзбекистон" маҳаллаларининг "Ўтап" ва "Човка" қишлоқларининг  орасидан ўтувчи Оқдарёнинг устида замонавий стандартлар асосида янги кўприк қурилишининг бошланиши, нафақат иккала туманнинг, ваҳоланки, ушбу йўлдан қатнаётган барча ватандошларимизнинг чексиз қувончига сабаб бўлди.

Қурилиш ишларини амалга ошираётган вилоят Кўприк Қурилиши Унитар Корхонасининг раҳбари Аҳад Ўроқов ушбу янги кўприкка катта маблағ жалб этилганлиги ҳамда  юк кўтариш қуввати замонавий талабларга жавоб бера оладиган, узунлиги 42,5 метр, эни 10 метр ҳажмга эга, икки ёнида пиёдалар йўлакчаси  белгиланган кўприк бунёд этилаётганлигини таъкидлади. Дарёнинг кўприк қурилиши мўлжалланган соҳилида 15 нафар ишчи ва мутахассислардан иборат қурилиш бригадаси жадал суръатда ишламоқдалар.

 

Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM