“Журналист, деб айтинг мени дўстларим”

“Журналист, деб айтинг мени дўстларим”
 
“Зарафшон” газетаси кутубхонаси” туркуми остида чоп этилган асарларни бугун саноғига етиш қийин. Китобхонлар томонидан севиб ўқилаётгани эса кишини янада қувонтиради. “Шоир юраги” деб номланган навбатдаги китобга таниқли ижодкор Суръат Орипов шеърияти жамланибди.
Шоир ва журналист Суръат Орипов ўзбек матбуоти тарихида ўчмас из қолдирди. “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида чорак аср жўшқин фаолият юритди. Шеър ва публицистик мақолалари билан эл эътиборига тушди.

Суръат Орипов 1957 йил Оқдарё туманининг “Янгиқўрғон” қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетида таҳсил олди. Ижодкорнинг адабиётга кириб келишида оиладаги муҳит алоҳида ўрин тутади. Отаси Исмоил Орипов биринчилардан бўлиб, ўзбек халқ мақолларини тўплам ҳолида нашр қилган ижодкор­олим эди. Онаси Ҳидоят Орипова ҳам диний ва дунёвий билимлардан хабардор бўлган
Суръат Орипов газета ишидан ортиб, шеърларини алоҳида китоб қилганини эслолмайман. Рауф Парфи билан чиқарган “Субҳидам” шеърий тўпламигина ундан ёдгорлик бўлиб қолди. Аммо ўнлаб ёш ижодкорларга устозлик қилди. Шогирдлари орасида бугун эл эътиборига тушган таниқли шахслар, ижод кишилари ҳам бор.
Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан яқинда шоир таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди. Ижодкор туғилиб ўсган Оқдарё туманида шеърият кечаси ўтказилди. Унга шоирнинг оила аъзолари, шогирд ва мухлислари таклиф этилди. Тадбир чинакам адабиёт ва шеърият базмига айланиб кетди.
Айниқса, сара шеърлари жамланган янги китобнинг тақдимоти адабиёт аҳли учун кутилмаган туҳфа бўлди. “Шоир юраги” номли ушбу тўпламга шогирди Фармон Тошев сўзбоши ёзган. Суръат Ориповнинг машҳур “Журналист” шеъри ҳам киритилибди. Бу мисралар соҳа вакиллари орасида мадҳиядай ижро этиларди:
 “У менинг кўксимда осиғлиқ медал,
 У менинг қалбимда жўш урган илҳом.
 Журналист, деб айтинг мени дўстларим...”
 Шоир қардош халқлар ва жаҳон адабиёти вакилларининг ижод намуналаридан ҳам кўплаб таржималар қилган. Улар турли йилларда “Зарафшон”, “Ўзбекистон маданияти” газетаси ҳамда “Шарқ юлдузи”, “Саодат” каби журналларда босилди. Афсуски, таржима асарларини тўплаб, алоҳида китоб ҳолига келтириш ҳам унга насиб этмади. Бу шарафли вазифа кейинги авлодлар учун мерос бўлиб қолди. “Зарафшон” газетаси кутубхонаси” рукни остида чоп этилган “Шоир юраги” тўплами ана шу йўлда қилинган эзгу ишларнинг дебочасидир.
Самарқанд адабий мактаби ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкор китоб сўнгида замондошлари томонидан илиқ хотирланади. Ўйлаймизки, бу асар кенг китобхонлар ва жамоатчилик эътиборини ҳам бефарқ қолдирмайди. Адабиёт ихлосмандлари қалбидан муносиб жой олади.
Шокиржон ШЕРАЛИЕВ.

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM